Продолжая просмотр сайта и(или) нажимая X, я соглашаюсь с использованием файлов cookie владельцем сайта. Batafsil

Huawei компанияси ва ЖОКУ IT журналистика соҳасини ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

2019.11.21

Huawei компанияси Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан IT журналистика соҳасини ривожлантириш ва келгуси мутахассисларнинг медиа макон соҳасидаги профессионал билим даражасини оширишга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолади. Меморандумни имзолаш маросими Huawei компаниясининг Инновацион марказида ташкил қилиниб, унда мазкур университет раҳбарияти, ўқитувчи-профессорлари ва талабалар иштирок этишди.

Huawei компанияси узоқ йиллардан буён ахборот технологиялари соҳасига оид таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келади. Ахборот технологиялари ҳақидаги мавзу профессионал ихтисослашган ОТМлар доирасидан аллақачон чиқиб, бугунги кунда мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига доир барча жабҳаларни қамраб олмоқда. Журналистлар, блогерлар,  PR мутахассисларни инновацион технологиялар билан таништириш, уларнинг бу борадаги билим ва малакасини кучайтириш оммавий коммуникациялар соҳасидаги таълим муассасаларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Компания шоурумига ташриф давомида меҳмонлар флагман моделдаги смартфонлар билан танишиш, журналистнинг кундалик фаолиятида асқотиши мумкин бўлган улардаги функциялар, шунингдек,  профессионал фото ва видео камераларнинг ўрнини босадиган усулларни ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.  5G технологиялар, булутли ҳисоблаш, шу билан бирга, узоқ ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларни алоқа билан таъминловчи ечимлар соҳасидаги мутахассислар меҳмонларга Huawei технологияларининг ишлаш тамойиллари ва қўллаш афзалликлари ҳақида гапириб беришди. Бундан ташқари, талабалар “Seeds for the Future” номли глобал лойиҳа тўғрисида ҳам батафсил маълумот эга бўлдилар. Huawei компанияси мазкур лойиҳа доирасида ҳар йили ўзбекистонлик талабаларни Хитойга амалиёт ўташга юборади.

“Huawei компаниясининг инновацион технологияларига кўрсатилган қизиқиш ҳамда келгуси журналистларнинг билим ва кўникмаларини ошириш йўналишида ҳамкорлик қилиш истаги учун журналистика университети раҳбариятига самимий миннатдорчилик билдирамиз. Технологиялар кундан-кунга жадаллик билан ривожланмоқда, турмушимизнинг ҳар бир жабҳаси рақамлашмоқда, аҳоли орасида инновациялар ва уларни қўллашга оид афзалликлар ҳақидаги саволлар кўпаймоқда. Шунинг учун мазкур саволларга ёш авлод журналистлар осон тушуниладиган равон тилда жавоб бериши, шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ва жаҳонда АКТ соҳасини ривожлантиришга оид охирги ютуқлар тўғрисида атрофлича маълумотга эга бўлиши жуда муҳимдир”, - деди Huawei компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар департаменти рахбари Даврон Азизов.

Шуни таъкидлаш ўринлики, ҳозирги вақтда Huawei компанияси  Тошкент ахборот технологиялари универститети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва China Campus Network сингари ОТМлар билан ўзаро келишув имзолаб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, шу билан бирга, Ўзбекистонда АКТ йўналишидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор таълим лойиҳаларини амалга оширмоқда.